Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг коррупцияга мойиллигини текшириш амалиётини жорий этиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов маълум қилди.
"Мазкур янги тизим раҳбарлик лавозимларда ишлаётганлар ва ушбу лавозимлар учун захирада турганларнинг коррупцияга мойиллиги даражасини баҳолаш орқали амалга оширилади", - дея ёзган Бурҳонов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
“Бу – давлат хизматига адашиб ёки ноқонуний бойлик орттириш мақсадида кириб келганларни аниқлаш, шунингдек, давлат идораларига ҳалол кадрларни танлаб олиш имконини беради”, – деган агентлик директори.
Акмал Бурҳонов коррупцияга мойиллик қандай қилиб баҳоланиши борасида қўшимча тафсилотларни маълум қилмаган.


