1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

АҚШ Эронга қарши энг хавфли ҳарбий сценарийларни кўриб чиқмоқда — NYT

Режалар орасида Эрон ядровий дастурини йўқ қилиш мақсадида АҚШ махсус кучларини яширин равишда жойлаштириш варианти ҳам мавжуд бўлиб, бу энг хавфли сценарийлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

АҚШ Эронга қарши энг хавфли ҳарбий сценарийларни кўриб чиқмоқда — NYT

 

The New York Times газетаси АҚШ расмийларига таяниб хабар беришича, Доналд Трамп ва унинг яқин маслаҳатчилари Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий ҳаракатларнинг кенг кўламли вариантларини муҳокама қилмоқда. Улар орасида Эрон ядровий дастурини йўқ қилиш мақсадида АҚШ махсус кучларини яширин равишда жойлаштириш варианти ҳам мавжуд бўлиб, бу энг хавфли сценарийлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

 

Манбаларга кўра, Оқ уй ҳозирча ҳарбий ҳаракатларга рухсат бермаган ва Пентагон томонидан таклиф этилган вариантлардан бирортасини танламаган. Расмийлар Президент Трамп ҳозирча дипломатик ечим имкониятларини очиқ қолдираётганини, ҳарбий босим эса Теҳронни музокараларга ундаш воситаси сифатида кўрилаётганини таъкидламоқда.

 

Оқ уй вакили Анна Келлининг айтишича, Трамп дунёдаги энг қудратли армиянинг бош қўмондони сифатида Эрон масаласида кўплаб вариантларга эга. Шу билан бирга, у ҳарбий чоралар қўлланилмаслигига умид билдиришини, бироқ Эрон расмийлари кеч бўлмасидан келишувга эришиши лозимлигини қайд этган.

 

АҚШ расмийларининг таъкидлашича, Эрон ҳудудида ҳар қандай ҳарбий операция Венесуэладаги эҳтимолий ҳаракатларга нисбатан анча мураккаб ва хавфли бўлади. Давлат котиби Марко Рубио Сенатдаги эшитувда Эрон АҚШ учун анча кучли ва тайёр рақиб эканини тан олди.

 

Шу сабабли, Трамп маъмурияти барча вариантларни муҳокама қилишда давом этмоқда. NYT қайд этишича, Эрон ядровий дастурига қарши махфий махсус кучлар операцияси энг юқори хавф даражасига эга. Газета, шунингдек, муҳим давлат ва ҳарбий нишонларга зарбалар бериш орқали мамлакат ичида беқарорлик келтириб чиқариш эҳтимоли ҳам муҳокама қилинаётганини ёзади. Бироқ бундай сценарий Эрон раҳбариятида ким ҳокимиятга келиши ва янги раҳбарият АҚШ билан ҳамкорликка тайёр бўладими-йўқми, деган ноаниқликларни келтириб чиқаради.

 

Шу ҳафта Трамп USS Abraham Lincoln бошчилигидаги ҳарбий флот Эрон томонга йўл олаётгани ҳақида огоҳлантирди ҳамда агар Теҳрон ядровий келишувга бормаса, янада кескин чоралар кўрилишини истисно этмади.

 

Марко Рубионинг маълум қилишича, ҳозирда Эрон яқинидаги АҚШ ҳарбий базаларида 30–40 минг нафар америкалик ҳарбий хизматчи жойлаштирилган. Уларнинг Эрон дронлари ва тактик ракеталари таҳдиди остида эканини таъкидлади.

 

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи эса мамлакатга қарши ҳар қандай ҳужум “тез ва кучли” жавобсиз қолмаслигини билдирди. Шу билан бирга, Теҳрон тенг ҳуқуқли ва босимсиз музокаралар асосида ядровий келишувга тайёр эканини яна бир бор маълум қилди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика