АҚШнинг Мичиган штатида яшовчи уч ёшли Коди Жеймс Уильямс онасининг ҳаётини сақлаб қолиб, мамлакатда қаҳрамонга айланди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа онаси оғир эпилептик тутқаноқни бошдан кечираётган пайтда содир бўлган. Ёш бола аввалдан бундай ҳолатларга гувоҳ бўлгани учун вазиятда ўзини йўқотмаган. У онасининг телефонини юзига тутиб қулфини очган ва 911 рақамига қўнғироқ қилишга муваффақ бўлган.
Шундан сўнг тез ёрдам хизмати воқеа жойига зудлик билан етиб келиб, аёлнинг ҳаётини сақлаб қолган.
Маҳаллий полиция бўлими бошлиғи Майкл Бушард махсус матбуот анжумани ўтказиб, болажонни “кичик депутат” деб атаган ва унга рамзий полиция нишонини тақдим этган.
Унинг сўзларига кўра, бу воқеа ота-оналарга фарзандларини фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш нақадар муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.


