Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри — Олмаотада болалар орасида сувчечак билан касалланиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайгани кузатилмоқда. Бу ҳақда Tengrinews.kz нашри хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида ушбу вирусли касалликка чалинганлар сони ўтган йилга нисбатан қарийб 39 фоизга ошган. Шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси директори Эржан Сералин маълум қилишича, шу давр ичида 183 нафар бола стационарга ётқизилган, уларнинг 40 фоизида оғир асоратлар қайд этилган.
Мутаҳассисларнинг таъкидлашича, сувчечак ҳаво орқали юқадиган, терида қичишиш ва майда пуфакчалар пайдо бўлиши билан кечадиган вирусли касаллик бўлиб, асосан болаларда учрайди. Касаллик баъзи ҳолларда нафас олиш тизими ва асаб фаолиятига ҳам таъсир кўрсатади.
1–14 октябрь кунлари орасида 14 нафар бола оғир аҳволда жонлантириш бўлимига ётқизилган. Улар орасида икки томонлама зотилжам, тутқаноқ ва нафас етишмовчилиги билан келган беморлар ҳам бор.
Эржан Сералиннинг сўзларига кўра, кўплаб болалар шифокорга кеч мурожаат қилмоқда:
“Кўпинча ота-оналар касалликнинг 8–10-кунида мурожаат қилишади. Шу вақтга келиб касаллик аллақачон асорат беради ва даволаш жараёни мураккаблашади”, — дейди у.
Ҳозирда аниқланган ҳолатларнинг 61,7 фоизи мактабгача ёшдаги ва бошланғич синф ўқувчилари орасида қайд этилган. Мамлакатда сувчечакка қарши эмлаш ҳали Миллий эмлаш тақвимига киритилмаган, шу сабабли кўпчиликда иммунитет касалликни бошдан кечириш орқали шаклланади.
Олмаота шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Марат Пашимов бошчилигида ўтказилган йиғилишда ҳолат жиддий муҳокама қилинди. Санитар-эпидемиология назорати бошқармаси раҳбар ўринбосари Асал Қолиқова таъкидлаганидек, болалар ва ўсмирлар орасида эмлаш даражасини ошириш имконияти ҳали ҳам мавжуд.


