Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) пойтахт Бишкекдаги савдо марказларида террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш билан таҳдид қилган шахсни аниқлаб, қўлга олди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати 18-октябрь куни маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, Украина фуқароси Я. Овсюк Telegram мессенжерида “Бишкек дахшати” номи билан канал очган, кейинчалик унинг номи “AVERSION” деб ўзгартирилган. Каналда шаҳар мактаблари ва йирик савдо марказларида теракт содир этилиши ҳақидаги ёлғон маълумотлар тарқатилган.
Шунингдек, “аяна” номли фойдаланувчининг “GUM”, “SUM”, “Bishkek Park”, “Dordoy Plaza”, “Azia Mall” ва “Tommi Mall” савдо мажмуаларини портлатиш нияти ҳақида айтган аудиоси аниқланган. Ушбу хабарлар аҳолида ва жамоатчилик орасида ваҳима ҳамда норозилик уйғотган.
МХДҚ томонидан олиб борилган тезкор тергов ҳаракатлари натижасида жиноят иши доирасида Қирғизистон фуқароси Г.А. ҳибсга олинган. У террорчилик ҳаракати билан таҳдид қилиш (Жиноят кодексининг 252-моддаси, 1-қисми) бўйича гумонланувчи сифатида вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган.
Ҳозирда ҳодисанинг барча тафсилотлари бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда.


