Австриянинг Залтсбург штатида юз берган икки алоҳида қор кўчкиси оқибатида беш нафар чанғичи ҳалок бўлди. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, ҳодисалар тоғли ҳудудларда спорт билан шуғулланаётганлар иштирокида содир бўлган.
Дастлабки кўчки Бад Ҳофгастеин коммунаси яқинида, денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда қайд этилган. Натижада бир нафар аёл чанғичи қор остида қолиб кетди. Қутқарувчилар уни тезкор равишда топиб, чиқариб олишган бўлсада, аёлнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Тахминан бир ярим соатдан сўнг Гроссартал водийсида иккинчи, янада йирикроқ қор кўчкиси содир бўлди. Ушбу ҳодисада етти нафар чанғичи хавф остида қолган. Улардан тўрт нафари воқеа жойида вафот этган, икки киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Жароҳатланганлардан бирининг аҳволи оғир экани маълум қилинди.
Яна бир чанғичи эса ўз вақтида хавфли ҳудудни тарк этиб, кўчкидан қочиб қутулишга муваффақ бўлган. Маҳаллий расмийлар тоғли ҳудудларда қор кўчкиси хавфи юқорилигини таъкидлаб, аҳолининг ва сайёҳларнинг эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.


