Ўзбекистонда экологик тоифаси аниқланган автотранспорт воситалари учун экологик стикерларни энди онлайн тарзда олиш имконияти яратилди.
Бунинг учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига ёки унинг мобил иловасига кириб, қидирув сатрига “Экологик стикер” деб ёзиш ёки «Транспорт» бўлимидан “Автотранспорт воситасига экологик стикер олиш” хизматини танлаш кифоя.
Хизматдан фойдаланишда транспорт воситасига оид маълумотлар тизим орқали автоматик шаклланади. Фуқаро фақат аризани тасдиқлаши ҳамда экологик стикерни почта орқали етказиб бериш манзилини кўрсатиши лозим. Почта харажатлари учун инвойс шакллантирилади ва тўлов электрон шаклда амалга оширилади.
Ваколатли орган томонидан транспорт воситаси ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимлари орқали текширилиб, экологик тоифа автоматик аниқланади. Шундан сўнг экологик стикер расмийлаштирилиб, чоп этилади ва почта орқали ариза берувчига юборилади.
Тайёр стикер 10 кун ичида етказиб берилади. Стикерни расмийлаштириш ва ариза топшириш бепул бўлиб, фақат почта орқали уйга етказиб бериш хизмати учун 20 600 сўм тўланади.


