Оқ уйнинг Яқин Шарқ бўйича координатори Бретт Макгурк Жо Байденнинг Саудия Арабистонига 15 июль кунги ташрифига якуний тайёргарлик кўриш учун йўл олди. Бу ҳақда «Ахиос» нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, Байден аввал Исроил ва Ғарбий Соҳилга, сўнг Саудия Арабистонига келади. У Тел-Авивдан Жиддага тўғридан-тўғри парвоз қилади. АҚШ президенти қиролликда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Қувайт, Қатар, Уммон, Миср, Иордания ва Ироқ раҳбарлари иштирокидаги саммитда иштирок этади.
Ташриф икки давлат ўртасидаги муносабатларни тиклаш, Саудия Арабистонида нефть қазиб олишни кўпайтириш зарурати ҳамда Саудия Арабистони ва Исроил ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш чораларига бағишланади.


