Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Бишкек шаҳрига қўниши режалаштирилган Turkish Airlines авиакомпаниясининг йўловчи самолёти Тошкентга йўналтирилди. Бу ҳақда аэропорт хизматлари маълум қилди.
Қайд этилишича, бортида 179 нафар йўловчи бўлган самолёт бугун соат 14:44 да Тошкент халқаро аэропортига муваффақиятли қўнган. Йўловчиларнинг хавфсизлиги биринчи ўринга қўйилиб, парвоз йўналиши ўзгартирилган.
Маълумотларга кўра, йўловчилар орасида Ўзбекистон визасига эга бўлмаган фуқаролар ҳам бор. Улар Бишкекка кейинги жўнаб кетиш вақти белгилангунга қадар аэропортнинг транзит кутиш зонасига жойлаштирилади.
Авиакомпания ва аэропорт маъмурияти ушбу йўловчилар 25 декабрга қадар транзит ҳудудида бўлишини, уларга зарур шароитлар яратилишини билдирган. Вазият тегишли хизматлар томонидан назорат остида сақланмоқда.


