БМТ: Исроилнинг сулҳни бузиши оқибатида Ливанда 114 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди
Расмий маълумотларга кўра, сулҳ битими 4 500 мартадан ортиқ бузилган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари идораси (ОҲЧР) Исроилнинг Ливан билан 2024 йил ноябрь ойида имзоланган сулҳни бузиши оқибатида Ливан жанубида 114 нафар тинч фуқаро ҳалок бўлганини маълум қилди. ОҲЧР матбуот котиби Ал Хитаннинг таъкидлашича, Исроил томонидан уй-жойлар ва аҳоли пунктларига уюштирилаётган ҳаво зарбалари БМТ томонидан мунтазам равишда кузатиб борилмоқда.
“Фуқароларга қарши ҳарбий ҳужумлар дарҳол тўхтатилиши шарт. Жанубий Ливан аҳолиси икки йилдан бери беқарорлик ва қўрқув остида яшамоқда. Сулҳ битими ва халқаро гуманитар ҳуқуқ талабларига тўлиқ амал қилиниши зарур”, — дея таъкидлади у.
Исроилнинг Ливанга қарши ҳарбий амалиётлари 2023 йил октябрда бошланган ва 2024 йил сентябрга келиб кенг кўламли урушга айланган. Можаро давомида 4 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 17 мингга яқин фуқаро яраланган.
БМТ маълумотларига кўра, Исроил сулҳ имзолангандан буён уни 4 500 мартадан ортиқ бузган. Ушбу ҳужумлар натижасида яна юзлаб тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлгани ёки жароҳатлангани қайд этилган. Шунингдек, Исроил уруш чоғида эгаллаган беш тепалик ва Ливандаги бир нечта ҳудудларни ҳануз назоратда ушлаб тургани билдирилмоқда.







