Буханка нархи деярли бир баробарга ошди
Тошкентдаги дўконларда бўлка ноннинг нархи 2800 сўм этиб белгиланди

Молия вазирлиги департаменти мудири Тўлқин Мирзаев ноннинг нархи ҳақида фикр билдириб, бозорларда ўртакашлик қилиб, уннинг нархидан фойда кўрмоқчи бўлганларга чора кўрилишини айтди.
«Агар буғдойнинг нархи 3000 сўмдан ошмаса, ‘буханка’нинг нархи 2800 сўмдан ошмайди. Бозордаги нархдан ошиб кетмайди. Бу ҳолатни фақат Тошкентда сезишимиз мумкин. Бошқа ҳудудларда эса арзонроқ, яна бошқасида қимматроқ бўлиши мумкин.
Энди ун биржа савдоларида айнан бўлка нон ишлаб чиқарувчиларига ва аҳолига уннинг чакана савдоси билан шуғулланувчиларига сотилади. Ўртакашлик қилиб, даромад кўрмоқчи бўлганларга ун савдосини тўхтатиш чораларини кўрамиз», — деган Тўлиқ Мирзаев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 май куни ўтказилган дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда фермер ва кластерлар ўзи етиштирган ғаллани 1 июлдан бошлаб биржада сотишни бошлаши ҳақида кўрсатма берганди.
Молия вазирлиги вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистонда буғдойнинг биржада сотилиши нархларнинг барқарорлашишига ва келгусида пасайишига хизмат қилиши кутилмоқда.







