Ўзбекистон

Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси 62,5 млрд сўм нафақа тайинлади

Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига 8,9 мингта касаллик варақалари келиб тушган ва шундан 5 400 мингта касаллик варақалари бўйича нафақалар тайинланган.

Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси 62,5 млрд сўм нафақа тайинлади

 

Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотлар инсон манфаатларини биринчи ўринга қўяётгани билан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ижтимоий соҳадаги мазкур ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири — давлат ижтимоий суғурта тизимининг жорий этилишидир.

 

Маълумки, яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртанинг янги тизими босқичма-босқич амалиётга жорий этилади. Ушбу Қонун ва Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни амалга ошириш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари, жорий йилнинг июль ойидан эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари давлат ижтимоий суғуртаси орқали тўланиши йўлга қўйилди.

 

Мазкур ислоҳотнинг долзарблиги, аввало, аҳолининг кенг қатламларини ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиш имкониятларининг кенгайишида намоён бўлади. Илгари ушбу нафақалар асосан иш берувчилар зиммасида бўлгани сабабли хусусий секторда ишловчи кўплаб ходимлар, айниқса аёллар, мазкур кафолатлардан тўлиқ фойдалана олмас эди. Янги тизим эса ушбу тенгсизликка барҳам бериб, ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади.

 

Шу билан бирга, давлат ижтимоий суғурта тизими ҳар бир расмий ишловчи фуқарога касаллик ёки ҳомиладорлик даврида даромадини сақлаб қолиш имконини беради. Бу нафақат молиявий қўллаб-қувватлаш, балки камбағалликнинг олдини олишга қаратилган самарали механизм сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга.

 

Янги тизимнинг яна бир муҳим жиҳати — ижтимоий тўловлар билан боғлиқ молиявий юкнинг иш берувчилар зиммасидан олиб ташланишидир. Бу эса тадбиркорларга ўз ресурсларини иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва бизнесни ривожлантиришга йўналтириш имконини беради. Илгари мазкур нафақаларни тўлаш мажбурияти иш берувчилар зиммасида бўлгани сабабли, улар маҳсулот ёки хизматлар таннархига салбий таъсир кўрсатиб, бозордаги рақобатбардошликни пасайтирган. Айрим ҳолларда эса, харажатларни қисқартириш мақсадида ҳомиладор аёлларни ишга қабул қилмаслик ёки ишдан бўшатиш каби салбий ҳолатлар кузатилган. Янги тизим бу каби амалиётларнинг олдини олишга хизмат қилади.

 

Бундан ташқари, давлат ижтимоий суғурта тизими расмий бандликни рағбатлантиради. Чунки нафақалар фуқароларнинг суғурта стажига боғлиқ ҳолда тайинланади. Яъни, инсон қанчалик узоқ муддат расмий ишлаб, суғурта тизимида иштирок этса, унинг ижтимоий ҳимояси шунчалик мустаҳкам бўлади.

 

Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, янги тизим жорий этилиши натижасида 2026 йилда:

— бюджет ташкилотларида ишловчи қарийб 2,2 миллион нафар фуқаро;
— хусусий секторда банд бўлган 3,6 миллион нафардан ортиқ фуқаро;
— якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган ва норасмий секторда фаолият юритувчи 7 миллион нафардан ортиқ фуқаро давлат ижтимоий суғурта тизими билан қамраб олиниши режалаштирилган.

 

Шунингдек, Ижтимоий суғурта жамғармаси орқали 2026 йилда 165 минг нафар суғурталанган шахсга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, 2026 йил 1 июлдан бошлаб эса 500 минг нафарга яқин суғурталанган шахсга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари фуқароларнинг мурожаатисиз, проактив шаклда тўлаб берилиши кўзда тутилмоқда.

 

Янги тизимнинг энг замонавий жиҳатларидан бири — унинг тўлиқ рақамлаштирилганидир. Нафақалар электрон тарзда, фуқаролардан қўшимча ҳужжат ёки мурожаат талаб этилмаган ҳолда автоматик равишда тайинланади. Бу эса шаффофликни ошириш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш ва инсон омилини минималлаштиришга хизмат қилади.

 

Амалиёт натижаларига тўхталадиган бўлсак, 2026 йил 1–15 январь кунлари оралиғида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси бўйича Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига 8,9 мингта касаллик варақалари келиб тушган. Шундан 5,4 мингтаси (60 фоиз) бўйича 62,5 миллиард сўм миқдорида нафақалар тайинланган.

 

Қолган 3,5 мингта меҳнатга лаёқатсизлик варақаларидан 1,3 мингтаси (15 фоиз) бўйича фуқаролар расмий банд бўлмагани ёки суғурта стажи етарли эмаслиги сабабли нафақа тайинлаш рад этилган. Яна 2,2 мингта (25 фоиз) варақалар юзасидан нафақа тайинлаш ёки рад этиш масаласи бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда.

 

Фуқароларни хабардор қилиш мақсадида нафақа тайинланганлиги, тўланганлиги ёки рад этилганлиги ҳақида касаллик варақаларида кўрсатилган мобил телефон рақамларига тегишли SМS-хабарномалар юборилмоқда.

 

Хулоса қилиб айтганда, давлат ижтимоий суғуртанинг янги тизими — бу шунчаки тўловлар механизмини ўзгартириш эмас, балки инсон қадри, ижтимоий адолат ва давлатнинг фуқаро олдидаги масъулиятини амалда намоён этувчи муҳим ислоҳотдир. Мазкур Қонун Ўзбекистонда молиявий жиҳатдан барқарор, шаффоф ва умуминсоний қадриятларга таянган давлат ижтимоий суғурта тизимини шакллантиришга мустаҳкам замин яратади.

custom img

Халқ қабулхоналари тизими янгиланади: аризаларни қабул қилишдан ташқари муаммоларни диагностика қиладиган марказ бўлади

Янги тизим доирасида ҳокимлик, банклар, шаҳар бандлик ва МИБ бўлимлари ҳамкорлигида фуқаролар тадбиркорликка жалб қилинади, ишсизлар ҳудуддаги саноат ва сервис корхоналаридаги вакант ўринларга жойлаштирилади.

custom img

“Ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов сифати бўйича норозиликлар кўп”

Президент бу борада энг кўп ариза тушган ҳудудларда ходимларнинг касбий ва муомала маданиятини ошириш бўйича ўқитиш шартлигини айтди.

custom img

Сергелидаги кўприк муаммоси ижтимоий тармоқларда тарқалганидан кейингина унга ечим берилгани танқид қилинди

Шунингдек, Тошкент шаҳрида 170 минг ва Тошкент вилоятида 110 минг мурожаатнинг ярмидан кўпи ечимини топмаган. Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент шаҳрида такрорий мурожаатлар кўпайган.

custom img

"Айрим ҳудудлар ҳокимлари сайёр қабулларни "номига" ўтказяпти" — президент

“Бухоро, Кармана, Учқудуқ, Сардоба, Ховос, Бўстонлиқ туманлари, Ангрен, Ғозғон шаҳар ҳокимлари маҳалладаги 4-5 нафар одам билан “номига” гаплашиб, сайёр қабул ўтказдим деб юрибди”, — деди Шавкат Мирзиёев.

custom img

Бир қатор вазирликларнинг мурожаатларнинг ярмидан кўпига фақат юзаки жавоб бераётгани танқид қилинди

Йиғилишда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мурожаатларнинг 64 фоизига, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси 61 фоизига, Транспорт вазирлиги эса 58 фоизига мазмунан ечим бермаган ҳолда жавоб қайтаргани айтилди.

custom img

Саудия Арабистонидан ўзбекистонликларни эвакуация қилиш ишлари якунланди.

Яқин Шарқдан 32 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси эвакуация қилинди.

custom img

Маҳаллаларда аҳоли турмушини яхшилаш учун 56 триллион сўм маблағ ажратилади

Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

custom img

"Ҳозир "А полосалар" ишламаяпти, иккита муаммо бор" — ҳоким ўринбосари

Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси бўйича ўринбосари “А” тасмали айрим йўлларда тест режимида камера кузатуви йўлга қўйилишини айтди. Бахтиевнинг сўзларига кўра, шу пайтгача йўлаклар "гост" талабларига мослаштирилган. “Тайёргарлик кўрилди, ҳамма иш амалга оширилди. Ҳозир қонунчилик даражасида фиксация қилиш имконияти бор. “Запуск” қилсак бўлди”, — деди у.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"