Давлат тест маркази ўқишини хориждан кўчирмоқчи бўлган талабалар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат қилди
Ўқишни хорижий давлатлардан Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича бу йилги тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳонлар эса ОТМлар томонидан) илк бор Давлат тест маркази томонидан ўтказилди.


Унда тест синовларида иштирок этиши белгиланган 87 минг 486 нафар талабгордан 85 минг 261 нафари иштирок этди. Ажабланарлиси, минимал ўтиш бали анча паст белгиланган бўлса-да, талабгорларнинг 72 фоизи уни бажара олмаган. Бу эса хорижга ўқишга топширувчи айрим абитуриентларнинг билим савияси ва мақсади қандай эканлигини очиқ-ойдин кўрсатади.
Маълумки, кўплаб консалтинг фирмалар 1 йилдан сўнг Ўзбекистонга кўчириб беришни ваъда қилган ҳолда қўшни давлатлардаги ОТМларга ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишга киритиб қўйишни таклиф қилмоқда. Аммо бу ваъдалар қанчалик ишончли?
Давлат тест маркази мазкур ҳолатларни ҳисобга олиб хорижга ўқишга топширмоқчи бўлган талабалар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат қилди:
“Аслини олганда ёшларимизнинг хориждаги нуфузли ОТМларда таҳсил олиши яхши. Лекин мақсад хорижда таълим олиб, ўз соҳаси бўйича етук мутахассис бўлиш эмас, балки қандай қилиб бўлса ҳам 1 йилдан сўнг ўқишни Ўзбекистонга кўчириб олиш бўладиган бўлса, бу энди яхши ҳолат эмас.
Ҳеч қайси фирма талабалар ўқишини хорижий давлатлардан Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларига кўчиришга олдиндан кафолат бера олмайди.
Президент қарорига кўра, биноан барча талабалар ўқишни хориждан Ўзбекистонга кўчириш учун имтиҳон топшириши ва тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланган ўтиш балини тўплаши лозим.
Шу сабабли, Давлат тест маркази асосий мақсади хорижда ўқиш эмас, балки 1 йилдан сўнг ўқишни Ўзбекистонга кўчириб олиш бўлган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига турли шахслар ва фирмаларнинг 1 йилдан сўнг ўқишни Ўзбекистонга кўчириб бериш тўғрисидаги ваъдаларига ишонмасликни ва ўз билимига ишонган ҳолда тест синовларига пухта тайёргарлик кўришни тавсия қилади.”
Изоҳ: Қуйида ўқишни хориждан кўчириш бўйича статистик маълумотлар келтирилган бўлиб, тест синовида иштирок этган талабгорларнинг 50 фоиздан ортиғи 56,7 балл (максимал баллнинг 30 фоизи) ҳам тўплай олмаган.
Оламгир Абдиев







