Дунё бўйлаб фасллар алмашинуви: кимдир терламоқда, кимдир музламоқда
2023 ва 2024 йилларда сайёрани қандай об-ҳаво кутмоқда?

Иқлимшуносларнинг маълум қилишича, ҳозирда шимолий ярим шарда қарама-қарши иқлим шароитлари юзага келган. Яъни, Европа жазирама иссиқни бошдан кечираётган бир пайтда, Американинг ғарбий қисмида апрел ойи учун хос бўлмаган ғайритабиий совуқ об-ҳаво кузатилмоқда. Катта фарқ ёввойи табиатга ҳам, одамларга ҳам таъсир қилади.
Испания, Италия каби мамлакатларда одамлар жазирамадан терлашмоқда. Америкада эса кўчманчи қушлар ҳавода музлаб, нобуд бўлган. Баҳорга хос бўлмаган ўта иссиқ ва совуқ об-ҳаво иқлим ўзгариши оқибатидир.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, бу ёзда рекорд даражадаги иссиқлик тўлқини кузатилиши мумкин.
Ҳозирги экстремал об-ҳаво шароити бир қатор офатларга сабаб бўлмоқда.
Испания шу ҳафта апрел ойи учун энг иссиқ кунга тайёрланмоқда, синоптиклар ҳарорат + 40 гача кўтарилишини башорат қилмоқда. Бундай юқори кўрсаткичлар одатда июлгача кузатилмас эди. Мамлакатда аллақачон ўрмон ёнғинлари бошланган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўрта ер денгизи минтақаси иқлим ўзгариши сабабли ўртача глобал кўрсаткичдан тезроқ исимоқда. Ўтган дам олиш кунлари Таиланд пойтахти Бангкок ҳамда бошқа ҳудудларда одамлар ҳаддан ташқари иссиқлик туфайли кўчага чиқмаслик ҳақида огоҳлантирилган эди.
Пойтахтда ҳарорат +42 ни ташкил қилди, аммо миллий об-ҳаво хизмати иссиқлик индекси, яъни ҳарорат намлик билан бирлашганда, 54C (129Ф) рекорд даражага етганини маълум қилди.
Таиландда одатда йилнинг шу даврида ҳарорат +37 даража ва ундан паст бўлади.
Ҳалокатли жазирама жануби-шарқий ва жанубий Осиёни қамраб олган.
Сўнгги ҳафталарда Япония, Бангладеш, Ҳиндистон, Хитой ва Лаос каби давлатлар ҳаво ҳарорати кўтарилган ўндан ортиқ мамлакатлар қаторига кирди.
Ҳиндистоннинг баъзи қисмларида маъмурият 40 даражадан юқори ҳарорат туфайли мактабларни бир ҳафтага ёпди.
Мамлакатнинг кўп қисмида апрел ва июн ойларида ҳаво ҳарорати меъёрдан юқори бўлиши кутилмоқда.
Дунёнинг бошқа бир қисмида эса, аксинча, қишки ҳарорат ҳукм сурмоқда.
Айни пайтда, Калифорния, Алабма ва бир қатор штатларда рекорд даражадаги қор бўрони юз бермоқда.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, қалин қор туфайли Лос-Анжелес ва Сан-Франсиско ўртасидаги дарёларда сув кўтарилиши мумкин, бунинг ортидан тошқинлар бошланади.
2023 ва 2024 йилларда нималар кутилмоқда?
Иқлимшуносларнинг огоҳлантиришича, ўртача глобал ҳарорат бу бу йил ва 2024-йилда рекорд даражага етиши мумкин.
Иқлим моделлари шуни кўрсатадики, Тинч океанида уч йил давомида глобал ҳароратни бироз пасайтирадиган Ла Нина ҳодисаси муаммони енгиллаштиришга ёрдам бериши мумкин.
Эл-Нино пайтида экватор бўйлаб ғарбга эсадиган шамоллар секинлашади ва илиқ сув оқими шарққа сурилади, бу эса океан юзасида илиқроқ ҳароратни яратади. Эл-Нино, одатда, рекорд даражадаги ҳарорат билан боғлиқ.
Олимлар яна ҳаддан ташқари иссиқлик тўлқинлари, ўрмон ёнғинлари, қурғоқчилик ва сув тошқини ҳақида огоҳлантирдилар.
Лондон Империал коллежининг катта ўқитувчиси, доктор Фриедерике Оттонинг айтишича, Эл-Нинодан келиб чиққан ҳароратлар мамлакатлар аллақачон бошдан кечираётган салбий таъсирни янада кучайтириши мумкин.
"Агар Эл-Нино ривожланса, 2023-йил 2016-йилдан ҳам иссиқроқ бўлиши эҳтимоли бор - одамлар қазиб олинадиган ёқилғиларни ёқишда давом этар экан, дунё исишда давом этади", - деди доктор Отто.
Буюк Британияда уй хўжаликлари ва сув компаниялари навбатдаги қуруқ ва иссиқ ёзга тайёргарлик кўрмоқда, расмийлар аҳолини сувни тежашга эътибор қаратишга чақиришмоқда.
Янги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бу ойда глобал денгиз ҳарорати рекорд даражага етган ва илгари кўрилмаган даражада ўсмоқда.
Шимолий Америка қирғоқларидаги сувнинг ҳарорати 1981-2011-йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 13,8 даражага юқори.Океанлар ҳароратининг ўзгариши денгиз сатҳининг кўтарилишига ҳисса қўшиш билан бирга, экстремал об-ҳавога ҳам таъсир қилиши мумкин. Бу сув ости оламини ҳам нобуд қилиши мумкин.
Шундай қилиб, Жаҳон Метеорология ташкилоти инсониятни олдинда бир-биридан иссиқ йиллар кутаётганини маълум қилди.







