1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Электрон рецепт тушимизга ҳам кириб чиқди — Соғлиқни сақлаш вазири

2025 йил давомида шифокор тавсиясисиз дори воситаларини қабул қилиш оқибатида 24 мингдан ортиқ мурожаат қайд этилган.

Электрон рецепт тушимизга ҳам кириб чиқди — Соғлиқни сақлаш вазири

 

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров электрон рецепт тизимини жорий этишнинг аҳамияти ва кутилаётган натижалари ҳақида маълумот берди.

 

Қайд этилишича, электрон рецепт тизими, аввало, дори воситаларининг ножўя таъсирларини олдини олишга қаратилган. 2025 йил давомида шифокор тавсиясисиз дори воситаларини қабул қилиш оқибатида 24 мингдан ортиқ мурожаат қайд этилган. Шундан 418 ҳолатда анафилактик шок, 7 017 ҳолатда эса дори билан заҳарланиш ташхиси қўйилган. Фақат Тошкент шаҳрининг ўзида 741 та шундай ҳолат аниқланган.

 

Шунингдек, дори воситалари орқали ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам мавжуд. Жорий ҳисобот даврида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига 2 500 нафар бемор мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 1 500 нафари айнан дори қабул қилиш орқали жонига қасд қилишга уринган.

 

Электрон рецепт тизими шифокорлар ва фармацевтика компаниялари ўртасидаги коррупцион ҳолатларга барҳам беришга хизмат қилади. Тизимда фақат дори воситасининг халқаро номи кўрсатилади, савдо номини ёзиш имконияти чекланади. Бу эса норасмий келишувлар эҳтимолини камайтиради.

 

Мазкур тизимда клиник протоколлар асосида бештагача дори воситасини ёзиш мумкин бўлади. Агар бештадан ортиқ дори белгиланса, бу консилиум хулосаси билан асосланиши шарт этиб белгиланади.

 

Электрон рецепт шифокор фаолиятини доимий рақамли кузатувга олади ва уларнинг касбий мавқеини оширади. Таъкидланишича, беморга ташхис ва даволаш тавсиясини дорихона ёки фармацевт эмас, балки айнан шифокор белгилаши лозим.

 

Бундан ташқари, электрон рецепт тизими давлат учун илгари мавжуд бўлмаган ягона маълумотлар базасини шакллантиради ҳамда рекламаларнинг дори танлашга бўлган таъсирини камайтиради.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика