Time журнали маълумотларига кўра, 2026 йил 8–9 январь кунлари Эронда бўлиб ўтган норозилик намойишлари давомида 30 минггача одам ҳалок бўлган.
Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг икки расмийси, исмларини ошкор қилмаслик шарти билан, журналистларга берган маълумотига кўра, ўлим ҳолатлари сони шунчалик кўп бўлдики, жасад сумкалари тугаб қолган ва тез ёрдам машиналари ўрнига трактор тиркамалари ишлатилган.
Эрон расмийлари 23 январь куни эълон қилган расмий маълумотларда эса 3117 киши ҳалок бўлгани айтилган. Уларнинг орасида 2427 тинч аҳоли ва хавфсизлик кучлари, шунингдек, 690 нафар «террорчи» мавжуд. Time нашри ушбу манбаларни мустақил тасдиқлай олмаганини билдирган, аммо журналистларнинг қўлида мавжуд ҳисоб-китобларга кўра, ҳақиқий қурбонлар сони 30 304 кишигача етган бўлиши мумкин.
АҚШда жойлашган Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги (ҲРАНА) 24 январь ҳолатига кўра, норозилик намойишлари билан боғлиқ 5459 кишининг ўлимини тасдиқлади, яна 17 031 та хабар текширилмоқда. Интернет ва мобил алоқанинг бутун мамлакат бўйлаб ўчирилгани сабабли, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар аниқ сонини аниқлаш қийин.
Норозилик намойишлари мамлакатнинг иқтисодий аҳволидан норозилик сифатида бошланди. Теҳрон расмийлари АҚШ ва Исроилни тартибсизликларни уюштиришда айблади. АҚШ президенти Доналд Трамп бир муддат Эронни зарба бериш билан таҳдид қилган, аммо кейинчалик фикрини ўзгартирган.


