Эстония ТИВ россияликларга Шенген визасини бермасликни таклиф қилди
Бу масала августда Европа ташқи ишлар вазирлари учрашувида муҳокама қилинади.

Эстония Европа давлатларига Россия фуқаролари учун виза беришни тўхтатишни таклиф қилади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалу маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Таллин ҳозирда россияликларга виза бермаяпти, аммо улар Шенген зонасининг бошқа давлатларидан Эстонияга келишда давом этмоқда.
“Ҳуқуқий асос сифатида Россия фуқароларининг Европага кириб келишини тақиқлаш зарур ва Эстония бу бўйича таклиф киритади. Август охирида мен бошқа ТИВ раҳбарлари билан Прагада учрашаман ва ўшанда умумевропа чекловлари бўйича таклиф бераман”, – деган дипломат.
Бундан ташқари, Рейнсалу русларга берилган Эстония визаларини бекор қилиш зарурлигини, ҳозирда бундай визалар сони 50 мингга яқинлигини таъкидлаган.







