Фарғонада тўхтаб турган Москвич ёниб кетди
Оқибатда ҳайдовчининг юз, қўл ва кафт қисми куйган.

Ижтимоий тармоқда Фарғона вилоятининг Бувайда туманида юк ортилган Москвич русумли автомашинада ёнғин чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ФВБ ахборот хизмати маълумот берди.
Ҳодиса бугун, 29 сентябрь куни соат 13:48 да Бувайда тумани “Янгиқўрғон” МФЙ “Завур бўйи” кўчасидаги сомон бозорида юз берган. Бозорда тўхтаб турган Москвич ва унга уланган тиркама 300 дона пресс сомони билан ёнаётганлиги бўйича хабар келиб тушган. Хабарга асосан, воқеа жойига ёнғин-қутқарувчилар соат 14:00 да етиб бориб, 14:10 да олов ўчирилган.
Ёнғин оқибатида автомашина эгаси — Бувайда тумани Жалер қишлоғида яшовчи фуқаро А.А. икки қўл, кафтлари ҳамда юз қисмида турли хилдаги куйиш тан жарохати олган.
Ҳозирда беморининг холати яхши. Тегишли ташкилотлар томонидан ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.







