Жиззахда фирибгар ўз дўстининг 3500 АҚШ долларини ўмарди
Жиззах шаҳри “Мирзо Бобур” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.М. ички ишлар органига мурожаат қилиб, “Кимёгар” маҳалласида истиқомат қилувчи яқин таниши уни алдов йўли билан пулини олиб қайтариб бермаётгани ҳақида хабар берган.


Маълум бўлишича, тадбиркорлик билан шуғулланишни режа қилган М.М. шу йилнинг январь ойида ўзининг яқин таниши бўлган К.У.га савдо дўкони олиб беришда ёрдам сўраб мурожаат қилган.
К.У. Жиззах шаҳрида жойлашган “Зебо” савдо марказидаги дўконлардан бирини олиб беришни ваъда қилиб, жабрланувчидан 3500 АҚШ доллари олган. Аммо К.У. ваъда қилинганидек на дўкон олиб берган, на пулни қайтарган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Муножат Валиева







