Франция Украинада дрон ишлаб чиқармоқчи
Икки мамлакат ҳамкорликда қўшма лойиҳа бошлади.

Франция компаниялари Украина ҳудудида учувчисиз учиш аппаратлари (PUA) ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Бу ҳақда Франция мудофаа вазири Себастян Лекорнуга хабар берди.
Вазирнинг айтишича, лойиҳа Франциянинг етакчи автомобиль ишлаб чиқарувчиларидан бири (унинг номи ошкор этилмаган) ҳамда мудофаа саноатига ихтисослашган кичик ёки ўрта корхона ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилади.
"Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида Украинада дронлар йиғиладиган ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади", — деди Лекорну. У бу ташаббусни "муваффақиятли ҳамкорлик" деб баҳолади.
Вазир дронларнинг аниқ турлари ва уларнинг вазифаларини ошкор этмади, бироқ улардан бир қисми Украина армиясига етказиб берилишини, қолганлари эса Францияда фойдаланилишини таъкидлади. Шунингдек, Франция ҳарбийлари ушбу ПУАлардан Украина урушига ўхшаш шароитларда машғулотлар ўтказишда фойдаланади.
Себастян Лекорну украиналик мутахассислар янги заводларда бевосита ишлашини айтиб, уларнинг дрон ишлаб чиқиш ва уларни жанговар шароитда қўллаш борасидаги малакасини юқори баҳолади.
“Украиналиклар нафақат дронларни ишлаб чиқишда, балки замонавий жанговар стратегияларни яратишда ҳам етакчилик қилмоқда”, — деди у.







