Францияда бир нечта қамоқхонага ҳужум уюштирилди
Шунингдек, муассаса ходимлари қўрқитилмоқда.

Франция Aдлия вазири Жералд Дарманеннинг маълум қилишича, жазони ижро этиш муассасаларида ходимларни қўрқитишга уринишлар, автомобилларга ўт қўйишдан тортиб қуролдан ўқ отишгача бўлган ҳаракатлар содир бўлмоқда.
BFMTV маълумотларига кўра, 15 апрель куни тунда Люин (Буш-дю-Рон департаменти) ва Валанс (Дром департаменти) қамоқхоналари яқинидаги автотураргоҳда автомобиллар ёқиб юборилган, Тулонда (Вар департаменти) эса номаълум шахслар маҳаллий қамоқхона дарвозаси олдида Калашников автоматидан ўқ узишган.
Бундан ташқари, Париж чеккасидаги Нантер (О-де-Сен департаменти) ва Вилпент (Сен-Дени департаменти) ҳамда Ним шаҳридаги (Гар департаменти) қамоқхоналарга зарар етказилгани маълум қилинди.
Марселда ҳам бир нечта автомобилга ўт қўйилди. Уларнинг ёнида жиноятчилар DDPF ёзувларини қолдиришган – бу қисқартма “француз маҳбусларининг ҳуқуқлари учун” деб таржима қилинади.







