Халқаро тадқиқотчилар жамоаси ўтказган тадқиқотга кўра, одамлар кўпроқ эрталаб ўзларини яхши ҳис қилишади, ташвиш ва депрессия даражаси минимал бўлади. Бироқ кечаси, айниқса, ярим тун яқинлашганида, руҳий ҳолат ёмонлашади, ташвиш ортади ва ёлғизлик ҳисси кучаяди.
Тадқиқотда 49 мингдан ортиқ киши иштирок этиб, икки йил давомида ўз кайфияти ҳақида сўровномалар тўлдириб борди. Олимлар ушбу маълумотларни таҳлил қилиб, куннинг қайси вақти, ҳафтанинг қайси куни ва йил фасллари инсон руҳиятига қандай таъсир қилишини ўрганишди. Тадқиқотчилар ёш, жинс, таълим даражаси, яшаш жойи, жисмоний ва руҳий саломатлик каби омилларни ҳам ҳисобга олишди. Натижалар шуни кўрсатдики, одамлар тонгда ўзларини бахтлироқ ҳис қилишади, кечаси эса кайфият ёмонлашади.
Бундан ташқари, ҳафта кунлари ҳам муҳим аҳамиятга эга экани аниқланди. Кўпчиликка кўра, душанба одатда стрессли кун деб ҳисобланади, лекин тадқиқот натижалари бунга зид бўлди. Душанба ва жума кайфият учун энг қулай кунлар бўлиб чиқди. Шунингдек, одатда дам олиш кунлари одамлар кўпроқ бахтли бўлиши кутилсада, якшанба энг тушкун кунлардан бири экани маълум бўлди. Йил фасллари ҳам кайфиятга катта таъсир кўрсатади: қишда одамлар кўпроқ ташвиш ва депрессия ҳис қилса, ёзда ўзларини яхши ҳис қилишади.
Бу ўзгаришларнинг сабаблари турлича бўлиши мумкин. Биологик ритмлар, ижтимоий ва маданий омиллар буларнинг барчасига таъсир қилади. Масалан, кортизол – стресс гормони эрталаб энг юқори даражада бўлади ва бу одамни тетиклаштиради. Кечқурун эса унинг миқдори камайиб, кайфиятнинг ёмонлашишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, ташқи омиллар ҳам муҳим роль ўйнайди: кун тартиби, ёруғлик даражаси, жисмоний фаоллик ва ижтимоий алоқалар. Иш кунлари ва дам олиш кунлари орасидаги фарқ инсон кайфиятига таъсир қилади, шунингдек, мавсумий ўзгаришлар ҳам муҳим – қишда кунлар қисқариб, ҳаво совуқ бўлиши одамларнинг ўзини ёмон ҳис қилишига сабаб бўлиши мумкин.
Тадқиқот муаллифлари натижаларнинг кузатув характерига эга эканини ва улар аниқ сабаб-оқибат боғлиқлигини аниқлай олмаслигини таъкидлайди. Тадқиқотда айрим чекловлар ҳам бор – иштирокчиларнинг уйқу режими, об-ҳаво шароити ва яшаш жойининг географик кенглиги тўлиқ ҳисобга олинмаган. Шунга қарамай, ушбу маълумотлар руҳий саломатликни яхшироқ тушуниш ва инсонларга қийин вақтларда ёрдам бериш учун муҳим аҳамиятга эга. Олимларнинг фикрича, инсонлар кечаси, ҳафтанинг ўрталарида ва қиш фаслида ўзларини ёмонроқ ҳис қилишади, шунинг учун айнан шу даврларда психологик ёрдамга эҳтиёж катта бўлиши мумкин.
Комила Одилова тайёрлади


