Ҳиндистон ҳукумати ўз аҳолисини санашга киришди
Ижтимоий табақалар ҳақидаги маълумотлар 93 йилдан сўнг илк бор рўйхатга олинади.

Ҳиндистон ҳукумати олти йиллик кечикишдан сўнг ниҳоят аҳолини рўйхатга олишни эълон қилди. У икки босқичда ўтказилади ва 2027 йилга бориб якунланади.
Дунёнинг энг йирик маъмурий тадбирларидан бири ҳисобланган Ҳиндистоннинг ҳар ўн йилда бир марта ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш жараёни мамлакат учун ниҳоятда муҳимдир. У ижтимоий ёрдам дастурларини режалаштириш, федерал маблағларни тақсимлаш, сайлов округларини чизиш ҳамда муҳим сиёсий қарорлар қабул қилишда асосий маълумот манбаи ҳисобланади.
Сўнгги рўйхатга олиш 2011 йилда ўтказилган эди. 2021 йилда навбатдагиси ўтказилиши керак эди, бироқ СОВИД-19 пандемияси сабаб бир неча бор кечиктирилган. Сўнгги йилларда эса ҳукумат рўйхатга олиш санасини нега чўзаётгани борасида расмий изоҳ бермаган.
Ички ишлар вазирлиги 5 июнь куни эълон қилган баёнотида аҳолини рўйхатга олиш икки босқичда амалга оширилишини ва асосий ҳисоб санаси сифатида 2027 йил 1 март белгиланганини маълум қилди. Бироқ жараён қачон бошланиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот берилмаган.
Ҳимолай тоғларининг қор билан қопланган ҳудудлари – Уттаракҳанд, Ҳимачал Прадеш, Ладак, шунингдек Жамму ва Кашмир учун эса махсус ҳисоб санаси – 2026 йил 1 октябрь бўлади.
Бу сафар илк бор Ҳиндистон ҳукумати барча фуқароларнинг каста (ижтимоий табақа)га мансублиги ҳақида ҳам маълумот тўплайди. Бу масала мамлакатда ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан жуда сезгир саналади. Охирги марта каста ҳақидаги маълумотлар 1931 йилда, Британия мустамлакаси даврида расмий тарзда рўйхатга олинган эди.
Рўйхатга олиш Ҳиндистоннинг 1948 йилда қабул қилинган “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуни асосида ўтказилади. Бу қонун жараённи амалга ошириш ҳуқуқий асосини белгилаб бергани билан, рўйхатга олиш аниқ қачон ўтказилиши ёки натижалари қачон эълон қилиниши кераклиги ҳақида муддат бермайди.
2020 йилда рўйхатга олишнинг биринчи босқичи – уй-жойлар ҳақидаги маълумотларни йиғиш босқичи бошланиши керак эди. Бироқ пандемия бунга тўсқинлик қилди ва ҳукумат жараённи номаълум муддатга қолдирди.
Орадан йиллар ўтган бўлсада, ҳукумат рўйхатга олишни бир неча бор сабабсиз кечиктириб келган. Мутахассислар бу кечикишлар дунёнинг энг зич аҳоли яшайдиган мамлакатида салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб келмоқда. Жумладан, айрим кишилар ижтимоий ёрдам дастурларидан четда қолиши, ресурслар нотўғри тақсимланиши мумкин.
“Рўйхатга олиш шунчаки одамлар сонини ҳисоблаш эмас. У маҳаллий даражада қарорлар қабул қилиш учун бебаҳо маълумотлар беради”, — деган эди ривожланиш иқтисодчиси, профессор КП Каннан 2023 йилда ББСга берган интервьюсида.
Лайло Ҳикматуллаева тайёрлади







