1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Медиа

II «Лазги» халқаро рақс фестивали "Гран-Приʼʼ ғолиби аниқ бўлди

Хивада ўтган халқаро фестивальнинг мутлақ ғолибига 7 000 доллар пул мукофоти берилди. шунингдек, 3 та йўналиш бўйича 1-2-3- ўринларни қўлга киритганлар эса 5 000, 3000, 2000 доллар пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

II «Лазги» халқаро рақс фестивали "Гран-Приʼʼ ғолиби аниқ бўлди

“Хоразм лазги рақси” санъатининг асрий анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш, рақс санъати орқали халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик кўламини ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида, 25 — 30 апрель кунлари Хива шаҳрида II "Лазги" халқаро рақс фестивали бўлиб ўтди ва унинг ғолиблари аниқланди.

 

Фестивалда 21та хорижий ва Ўзбекистон вакиллари билан биргаликда — жами 22 та давлатдан иштирокчилар қатнашди ва ўз маҳоратларини намоён қилди. 3 кун давомида маҳаллий ва дунёнинг қатор давлатларидан ташриф буюрган рақс санъатининг усталари томонидан “Энг яхши яккахон рақс ижрочиси” ,“Энг яхши жамоавий рақс ижроси”,  “Энг яхши саҳналаштирилган рақс ижроси” йўналишлари бўйича баҳоланди. Фестивальнинг сўнгги кунида иштирокчилар ўз йўналишлари бўйича эътироф этилиб, энг саралар тақдирланди. Унга кўра, Хоразм вилояти ҳокимиятининг махсус эсдалик совғалари билан “Энг яхши яккахон рақс ижрочиси” Ўзбекистон Давлат филармониясининг "Навбаҳор" ашула ва рақс ансамбли раққосаси Фотима Нарзуллаева ҳамда Ўзбекистон давлат филармониясининг Хоразм вилояти бўлинмаси раққосаси Оксана Давлетовалар тақдирланди.

 

“Энг яхши яккахон рақс ижрочиси” номинациясида 3-ўрин Бразилиядан ташриф буюрган Bruna Vicente de Souza;

“Энг яхши жамоавий рақс учун” йўналишида 3-ўрин билан икки жамоа тақдирланди: Испаниядан ташриф буюрган рақс жамоаси ҳамда Ўзбекистон давлат филармониясининг "Лазги" ашула ва рақс ансамбли;

 

“Энг яхши саҳналаштирилган рақс” йўналишида 3-ўрин билан Туркиянинг "Inego‘l" халқ рақслари ансамбли тақдирланди.

 

“Энг яхши яккахон рақс ижрочиси” йўналишида 2-ўринга Корея Республикасидан Алам Ҳан ҳамда Корея Миллий рақс гуруҳи;

 

“Энг яхши жамоавий рақс ижроси” учун 2-ўринга икки жамоа: Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикаси Файзи Гаскаров номидаги Давлат академик халқ рақс ансамбли ҳамда Тожикистон Республикасида хизмат кўрсатган "ЛОЛА" рақс ансамбли;

 

“Энг яхши саҳналаштирилган рақс ижроси” учун 2-ўринга Қирғизистон Республикаси "Шаттик" халқ рақс ансамбли муносиб кўрилди.

 

Фестиваль давомида “Энг яхши яккахон рақс ижрочиси” учун 1-ўринни Ўзбекистон давлат филармониясининг "Шодлик" ашула ва рақс ансамбли балет артисти Ислом Ҳайдаров;

 

“Энг яхши жамоавий рақс ижроси” учун 1-ўринни Озарбайжон давлат филармонияси Давлат рақс ансамбли ҳамда Қозоғистоннинг «Казина» халқ рақс ансамбли;

 

“Энг яхши саҳналаштирилган рақс ижроси” учун 1-ўринни эса Россия Федерациясининг Давлат филармониясининг "Огонки" рус рақси ансамбли қўлга киритди.

 

Фестивальнинг энг ҳаяжонли онларида муносибларнинг энг муносиблари аниқланди. "Гран-При" 7000 АҚШ доллари учун Ўзбекистон давлат филармониясининг Хоразм вилояти бўлинмаси муносиб кўрилди. Мукофотни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Франция Халқаро жаҳон мусиқа ва рақс институти директори ва асосчиси Маргарет Дечнаух ўз эгаларига топширди.

 

 Албатта, энг муҳими мукофот ва ўринлар эмас, балки дунё давлатлари ўртасида санъатдаги дўстликни мустаҳкамлаш. Шунингдек, асрлар оша ўз жилосини йўқотмаган ўзбек миллий рақс санъатининг довруғини кенг ёйиш, уни номоддий маданий мерос сифатида келажак авлодга етказишдир.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика