Жанубий Корея разведкаси НАТОнинг кибермарказига қўшилди
Шу орқали Сеул кибержавоб қобилиятини оширмоқчи.

Жанубий Корея Миллий разведка бошқармаси НАТОнинг Таллиндаги кибермарказига қўшилди. Бу ҳақда “Yonhap” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, разведка агентлиги марказнинг ўқув ва тадқиқот фаолиятида Сеул номидан иштирок этади.
“Биз марказдаги ходимларимиз сонини кўпайтириш ва қўшма машғулотлар кўламини кенгайтириш орқали кибержавоб қобилиятимизни жаҳон даражасига кўтаришни режалаштирмоқдамиз”, — дейилади Жанубий Корея разведка агентлиги баёнотида.
Шу тариқа Шимолий Атлантика алянсининг кибермарказдаги иштирокчилари сони 32 тага етди. Улардан 27 нафар НАТО иттифоқчиси ҳисобланади. Жанубий корея иттифоққа қўшилган илк Осиё давлати бўлди.








