Ўзбекистонда жиноятчилик юқори бўлган ҳудудлар учун масъул шахслар белгиланди. Шу билан маҳалла ва туманларда криминал вазият учун “шахсий жавобгарлик” тизими жорий қилинади. Бу тартиб Президент қарорида кўзда тутилган.
Давлат раҳбарининг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида манзилли ишларнинг ягона тизимини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, жиноятчилик даражаси юқори бўлган ҳудудлар аниқ масъул раҳбарлар ва идораларга бириктирилади.
Қарорга кўра:
- Жиноятчилик даражаси оғир бўлган маҳаллалар ва туманлар (шаҳарлар) – туман (шаҳар) ҳокимлари, прокурорлар ва ИИБ бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларига;
- Сўнгги 5 йил давомида «қизил» тоифада бўлган маҳаллалар – Миллий гвардия ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, вилоят даражасидаги ИИБ бошлиқлари ўринбосарлари ва ҳоким ўринбосарларига бириктирилади;
- Сўнгги 3 йил давомида «қизил» тоифада бўлган маҳаллалар – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим ва илмий ташкилотларга бириктирилади;
- Жиноятчилик энг юқори бўлган туманлар ва шаҳарлар – вилоят даражасидаги прокурорлар ва ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарларига;
- Хотин-қизлар, спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилувчи шахслар ҳамда низоли оилалар ҳудудида жиноятчилик кўп бўлган маҳаллалар – вилоят даражасидаги оила ва хотин-қизлар, соғлиқни сақлаш ва адлия бошқармалари раҳбарларига бириктирилади.
Масъул шахсларга ўз ҳудудида ҳуқуқбузарликларни олдиндан аниқлаш ва барвақт профилактика қилиш, шунингдек, ижтимоий профилактика тизимини самарали йўлга қўйиш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилади.


