Жиззахда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи пора билан ушланди
У лойиҳаларни тасдиқлаш эвазига 200 доллар ва 6 миллион сўм талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Жиззах вилоятидаги туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи пора олаётган вақтда қўлга олинди.
Текширувларга кўра, мансабдор шахс жорий йил сентябрь ойида маҳаллий тадбиркорга тегишли кўп қаватли уй қурилиши лойиҳасини тасдиқлаш учун 200 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилиб олган.
Шундан сўнг у хусусий мактаб лойиҳасини тасдиқлаш эвазига яна 6 миллион сўм сўраган. Тезкор тадбир чоғ‘ида у пулларни рафиқаси орқали олаётган вақтда қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари (“Пора олиш”) билан жиноят иши қўзғатилди. Суд томонидан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Қонунчиликка кўра, ушбу турдаги жиноятлар учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.







