0

“Кел болам, бағримга келгин!"

Агар бола ўн ёшга тўлган бўлса, фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинади.

“Кел болам, бағримга келгин!"

 

Биз таълим оладиган манзил яқинида меҳрибонлик уйи бор. Ҳар гал у ердан ўтганимда тушунарсиз хаёллар билан болаларга қараб ўтаман. Уларнинг кўзларида қувончни кўришни хоҳлайман. Бир куни тасодифан у ерда яшовчи болалардан бири билан суҳбатлашиб қолдим. Унга бир қатор саволлар берганимда  жавоб бериш ўрнига фақат бир нарсани сўрарди: “Ойим қачон келади?” Бу саволга на жавоб бериб бўлади, на уни чалғитиб бўлади.

Меҳрибонлик уйида яшовчи болалар ҳар гал “Кел болам, бағримга келгин!”-деган гапини эшитишни кутиб термулаётгандек туюлишади. Улар ҳам албатта оила даврасида меҳр кўришни исташади. Хўш, уларни бугун ўз оиласига аъзо, фарзанд қилиш истагидагилар қандай ҳужжатларга эга бўлишлари керак бўлади?

Саволларимизга  Избоскан туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Аҳаджон Ғуломжоновдан жавоб олдик.

 

 Фарзандликка олиш ва унинг ҳуқуқий асослари қандай?

– Фарзандликка олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида белгилаб қўйилган. 2013 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикасининг мазкур кодексининг “Фарзандликка олиш” деб номланган 20-бобига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, фарзандликка олишга фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб йўл қўйилади. Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик, ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади. Вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкинлиги, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланмаганлар, қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар, асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар, қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар бундан мустасно.

2016 йил 23 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга асосан Фуқаролик процессуал кодексининг 2853-моддасига ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг бошқа давлат фуқароси бўлган болани фарзандликка олишда республика ваколатли органининг розилиги, қонуний вакил ва бола қайси давлат фуқароси бўлса, ўша давлат ваколатли органининг розилиги, туғилганлик тўғрисидаги далолатномадан кўчирма, тиббий хулоса талаб этилади.

Агар бола ўн ёшга тўлган бўлса, фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинади. Оила кодексининг 156-моддасида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Суднинг фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб ўн кун ичида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари фарзандликка олинаётганнинг туғилиши қайд этилган дафтарга зарур ўзгартишлар киритиши лозим. Фарзандликка олишни расмийлаштириш учун ФҲДЁ органига суднинг ҳал қилув қарори, фарзандликка олувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, шунингдек, фарзандликка олувчи(лар)нинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари тақдим этилади.Фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинади. 

Қандай болаларни асраб олиш мумкин?

– Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори (1999 йил 12 апрель) билан тасдиқланган “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги низомга мувофиқ қуйидагилар фарзандликка олиниши лозим бўлган болалар сифатида ҳисобга олинади:•

 – ота-онаси вафот этган;•

 – ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган;•

 – ота-онаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган;•

 – ота-онаси болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган;•

 – ота-онаси бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар муассасалари ёки тиббий муассасалардаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган;

•  – ота-онаси тарбиялаш, даволаш муассасаларидан, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасасидан ва бошқа муассасалардан боласини олишдан бош тортган;

•  – ота-онаси бедарак йўқолган ёки вафот этган деб эълон қилинган болалар.

 

Бола асраб олиш қандай амалга оширилади?

Биринчи навбатда, фарзандликка олишни хоҳловчи шахс яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига шу масалада ариза билан мурожаат қилади. Улар аризага илова тарзида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак бўлади:

- никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (агар никоҳда бўлса);

- оила аъзолари кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома;

- иш жойидан иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома;

- иш жойидан ёки яшаш жойидан тавсифнома;

- фарзандликка олишни хоҳловчи шахснинг соғлиғи тўғрисида тиббий маслаҳат комиссияси хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансери маълумотномалари;

- санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ мулк ҳуқуқидаги, ижара шартларидаги ёки бошқа асослардаги уй-жой мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжат.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар 30 иш куни давомида ўрганиб чиқилади ва якуний хулоса қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш кун ичида ариза берувчига етказилади. Агар мурожаат рад этилса, ариза топшириш давомида тақдим этилган ҳужжатлар қайтариб берилади. Ариза берувчи чиқарилган қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Туман, шаҳар ҳокимининг фарзандликка олиш ҳақидаги қарори чиқарилгунга қадар фарзандликка олувчилар ўз аризаларини қайтариб олишга ҳақли.

Фарзандликка олиш қандай расмийлаштирилади?

Фарзандликка олингач, болага янги туғилганлик ҳақида гувоҳнома тақдим этилади. Унда боланинг ота-онаси сифатида фарзандликка олувчи қайд этилади. Боланинг исмини, шарифини, агар фарқ бир йилдан ортиқни ташкил қилмаса, туғилган вақтини ҳам ўзгартириш мумкин. Бола ўн ёшдан ошмаган бўлса, туғилган ери ҳам ўзгартирилишига рухсат берилади. Бола асраб олувчи ва бола ўртасидаги ёш 15 ёшдан кам бўлмаслиги керак. Бола ўн ёшдан катта бўлса, фарзандликка олишда унинг ҳам розилиги олинади. Фарзандликка олиш жараёнида фарзандликка олинаётган бола ота-онасининг ҳам розилиги талаб этилади. Қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:

- ота-онанинг кимлиги номаълум бўлса;

- ота-она ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса;

- ота-она муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган бўлса;

- ота-она бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар ёки даволаш муассасаларидаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган бўлса.

Фарзандликка олинган шахс ўз ота-онаси ва қариндошлари билан боғлиқ мулкий ҳуқуқларини йўқотади. Масалан, асраб олинган боланинг ота-онасидан қолган мерос ортиқ унга дахлдор бўлмайди.

Фарзандликка олиш сир тутилиши таъминланади.

Бола қандай танланади?

Аризаси ижобий жавоб олган фуқарога у фарзандга олиши мумкин бўлган бола тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади ва уни кўриш учун йўлланма берилади. Фарзандликка олувчи болани танлай олмаса, у бошқа халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимига ёки Халқ таълими вазирлигига мурожаат этиши мумкин.

Фарзандликка олинувчи ҳақида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

- туғилганлик ҳақида гувоҳнома;

- бола эр-хотиндан бири томонидан фарзандликка олинаётган бўлса, хотин ёки эрнинг ёзма розилиги (агар эр-хотин оилавий муносабатни тугатган, бир йилдан ошиқ биргаликда яшамаётган ва эр ёки хотиннинг турар жойи номаълум бўлса, нариги томоннинг ёзма розилиги талаб этилмайди);

- фарзандликка олинувчи ота-онасининг нотариал равишда тасдиқланган розилиги;

- ота-онасининг вафот этгани ҳақида маълумотнома ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилгани тўғрисида, ота-оналар, муомалага лаёқатсиз ёки лаёқати чекланган, бедарак йўқолган ёки ўлган деб топилгани тўғрисидаги суд қарори;

- ота-онанинг болани тарбияси ва таъминотидан воз кечгани тўғрисидаги аризаси, ота-онага қидирув эълон қилингани ҳақидаги ҳужжатлар, ички ишлар, тарбиялаш, даволаш ва бошқа муассасаларнинг бола ташлаб кетилгани ҳақидаги далолатномаси ва бошқа ҳужжатлар;

- даволаш муассасасининг боланинг жисмоний ва руҳий ривожланиши тўғрисидаги хулосаси.

 

Ойжамол Раҳмонова суҳбатлашди.

custom img

Метрода поездлар ҳаракати оралиғи қисқаради

Янги тартиб 4 сентябрдан амал қилади.

custom img

Янги ўқув йилидан автобуслар сони ва қатнови кўпайтирилади

Сентябрь ойидан ишга чиқарилаётган автобусларнинг қарийб 100 тага кўпайиши айтилмоқда.

custom img

Энди «дом»ларни қарздорлик бўлмагандагина сотиш мумкин бўлади

Бу бўйича Президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.

custom img

Ёқилғи бакларига яширилган 55 килограммлик наркотик модда фош қилинди

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

custom img

Тошкентдан Дохага тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилди

Мунтазам йўловчи қатновлари ҳафтада бир марта амалга оширилади.

custom img

Йўловчилар тунда ҳам автобус хизматидан фойдаланиши мумкин

Ҳукумат қарори билан шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро мунтазам йўналишларда ички ишлар органлари ҳамроҳлигисиз ташишга рухсат берилади.

custom img

Ўзбекистонда резидент авиакомпанияларнинг парвозлар сони ошди

Бу ҳақда Транспорт вазирлиги маълум қилди.

custom img

Энди балиқчилик лойиҳаларини амалга оширишда гаровсиз кредит берилади

Бу бўйича Президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"