Сунъий интеллектнинг, айниқса ChatGPT иловасидан кейинги тез ривожланиши меҳнат бозорида катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Айрим касблар автоматлашиши мумкин бўлса-да, технологик ва ижтимоий жараёнлар янги иш ўринларини ҳам яратмоқда.
Масалан, электрон тижорат чакана савдода иш ўринларини қисқартирган бўлса-да, транспорт ва логистика соҳаларида меҳнат талабини оширди. АҚШ Меҳнат статистикаси бюроси маълумотларига кўра, бу йўналиш 2034 йилгача 580 минг янги иш ўрни билан энг тез ўсувчи тармоқлардан бирига айланади.
Энг катта ўсиш эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида кутилмоқда. Демографик ўзгаришлар — аҳолининг қариши ва сурункали касалликлар кўпайиши натижасида бу тармоқда 1,7 миллионга яқин янги иш ўрни яратилади, бу умумий янги иш ўринларининг учдан бир қисмини ташкил этади.
Шунингдек, уй шароитида парвариш ва шахсий хизмат кўрсатувчи ходимлар энг тез ўсадиган касблардан бири бўлиб, 740 минг янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Ҳамширалар, тиббий хизмат менежерлари ва амалиётчи ҳамширалар ҳам меҳнат бозорида юқори талабга эга бўлади.


