Саудия Арабистони футбол федерациясига кўра, 12-22 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган клублар ўртасидаги 2023 йилги жаҳон чемпионатига Саудия Арабистони мезбонлик қилади. Саудия Арабистони спорт вазири шаҳзода Абдулазиз бин Турки ал-Файсал FIFА’нинг саудияликларга турнир мезбонлик қилиш имкониятини бериш ҳақидаги қарорига изоҳ берди.
“Биз бундай имкониятдан фахрланамиз ва дунёнинг энг кучли футбол клублари ва уларнинг мухлисларини қироллигимизда кутиб олишдан хурсанд бўламиз”, — деди спорт вазири.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда “Реал Мадрид” клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолибига айланди. Турнир финалида Испания клуби Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” жамоасини мағлуб этди. Ўйин 5:3 ҳисобида мадридликлар фойдасига ҳал бўлди.


