6 та жамоа, 6 та ғалаба: Ўзбекистон шахмат Олимпиадасини муваффақиятли бошлади
Ўзбекистоннинг эркаклар жамоалари Ямайка, Афғонистон ва Мали устидан, аёллар жамоалари эса Тринидад ва Тобаго, Того ҳамда Танзания устидан ғалаба қозонди.

16 сентябрь куни Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг 1-тур баҳслари ўтказилди. Мусобақада Ўзбекистон мезбон давлат сифатида эркаклар ва аёллар ўртасидаги турнирларда учта жамоа билан иштирок этмоқда.
Биринчи турда Ўзбекистоннинг эркаклар ўртасидаги асосий жамоаси Ямайкани 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Биринчи тахтада Нодирбек Абдусатторов, кейинги тахталарда Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов рақибларини мағлуб этди.
Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси Жавоҳир Синдаров эса дастлабки турда дам олди.
Ўзбекистон-2 жамоаси Афғонистонни 3:1, Ўзбекистон-3 эса Малини 3,5:0,5 ҳисобида мағлуб этди.
Ўзбекистоннинг асосий аёллар терма жамоаси Тринидад ва Тобагони 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Биринчи тахтада Гулруҳбегим Тоҳиржонова, кейинги тахталарда Нилуфархон Имомқузиева, Гулдона Каримова ва Умида Омонова рақибларидан устун келди.
Ўзбекистон-2 аёллар жамоаси Того устидан 3:1, Ўзбекистон-3 эса Танзания устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Шу тариқа, Ўзбекистоннинг мусобақада қатнашаётган барча 6 та жамоаси биринчи турни ғалаба билан якунлади.
Турнирда биринчи рақам остида сараланган ва асосий фаворитлардан бири ҳисобланган АҚШ терма жамоаси Ироқни 3,5:0,5 ҳисобида мағлуб этди.
Амалдаги Олимпиада чемпиони, иккинчи рақам остида сараланган Ҳиндистон эса Таиланд устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Мусобақанинг 2-тур баҳслари 17 сентябрь куни ўтказилади.
46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси Самарқандда 27 сентябрга қадар давом этади.








