22 август куни депутатлар билан ўтказилган йиғилишда Эркинжон Турдимовнинг айтишича, Сирдарёда бошқа ҳудудларга қараганда кўпроқ иш ўринлари мавжуд. Аммо маҳалла еттиликлари бу борада аҳолига етарлича маълумот бермаётгани сабабли, қўшни вилоятлардан келган ишчилар бўш иш жойларини эгаллаб бормоқда.
Ҳокимнинг таъкидлашича, баъзи фуқаролар “уч миллион сўмга ишламаймиз” дея иш таклифларидан бош тортмоқда.
“Савиянгиз уч миллионлик бўлса, бошқа пул бера олмаймиз. Кўпроқ олмоқчи бўлсангиз, ўқишингиз, мутахассис бўлишингиз керак”, — деди Турдимов.
У, шунингдек, фақат дипломга таяниб, лекин билимга эга бўлмаганларни танқид қилиб, бозор шароитида ҳақиқий малакага эга бўлган кадрлар кўпроқ маош олаётганини қўшимча қилди.
Турдимовнинг сўзларига кўра, вилоятда кўплаб мурожаатлар тушмоқда, аммо жойларга чиқиб ўрганилганда, мурожаат қилувчиларнинг катта қисми “боқиманда кайфиятида” экани маълум бўлмоқда.
“Камбағалда имконият бўлмайди, ишлай олмайди — унга ёрдам қўлини чўзишимиз керак. Лекин қўлидан иш келиб, ишламайдиган одам — бу боқиманда. Уни боқимандаликдан чиқаришимиз керак”, — деди у.
Ҳоким, шунингдек, маҳаллаларда фаол тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориб, ишчи кучини сафарбар қилиш зарурлигини таъкидлади.


