Келгуси беш йил ичида “Газпром”нинг Марказий Осиё мамлакатларига газ етказиб бериш ҳажми икки баробардaн кўпроққа ошиши кутилмоқда. Илгари Европа бозорига мўлжалланган табиий газ эндиликда янги йўналишлар, хусусан, Марказий Осиё томон бурилмоқда. Бу ҳақда “Ведомости” нашри “Газпромбанк”нинг Иқтисодий прогнозлаш маркази (SEP) маълумотларига таяниб хабар бермоқда.
Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб “Газпром”нинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга умумий экспорти 19–20 миллиард куб метрни ташкил этади. Бу ҳозирги кўрсаткичлардан қарийб икки баробар юқори. Таҳлилларда ушбу ҳудуд Россия газининг муҳим истеъмолчисига айланаётгани таъкидланмоқда.
Асосий ўсиш Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Мамлакат газ импортини 3 миллиард куб метрдан 12 миллиард куб метргача ошириши кутилмоқда. Бунга ички газ қазиб олиш ҳажмининг изчил камайиб бораётгани асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Шу тариқа, Марказий Осиё “Газпром” учун стратегик аҳамиятга эга янги бозор сифатида шаклланмоқда.


