Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда вилоят ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Унда фуқаро А.Н.га тегишли бўлган қутилардаги товарларни Б.Ж. бошқарувидаги “Cobalt”га юкланаётган вақтида ушланди. Ушбу машина холислар иштирокида кўздан кечирилганда 37,5 миллион сўмлик 2 500 қути “Milano” номли тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди. Хорижда ишлаб чиқарилган бу маҳсулотларнинг божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари ва акциз маркаси бўлмаган.

Шунингдек, фуқаро П.З. бошқарувидаги “Cobalt” тезкор кузатувга олиниб, Данғара тумани ҳудудида тўхтатилиб холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, машина салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ва акциз маркалари билан маркаланмаган 20 дона қоғоз қутиларга жойлаштирилган жами 10 минг қути “Milano” тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди. Бу фуқаронинг хонадони ҳам кўздан кечирилганида, уйида 13 дона қоғоз қутиларга жойлаштирилган 5 турдаги жами 10,5 минг қути тамаки маҳсулотлари сақланаётгани маълум бўлди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида умумий қиймати 420 миллион сўмлик жами 23 минг қутига яқин тамаки маҳсулотлари ашёвий далил тариқасида олинди. Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аҳрор Зиёдов


