Намангандаги боғчада тарбиячи боланинг оёғини куйдириб қўйди
Шундан сўнг муассаса фаолияти тўхтатилган.

Наманган вилоятида фаолият юритаётган ноқонуний боғчада рўй берган ачинарли ҳолат жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, боғча тарбиячиси 1,5 ёшли қизалоқнинг оёғини куйдириб қўйган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) томонидан ўрганилган ҳолатга кўра, воқеа жорий йилнинг 23 апрель куни Поп туманида юз берган. Фуқаро Р.M. ўзининг 2023 йил ноябрда туғилган қиз фарзандини вақтинча парвариш қилиш учун C.C. исмли аёлга топширган. Бир неча вақт ўтгач, фарзандини олишга борганида боланинг оёғи куйганини кўрган.
Шифокорлар томонидан болага вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани аниқланган ва бу ҳолат боланинг онаси билан тарбиячи ўртасида жанжал келиб чиқишига сабаб бўлган.
Наманган вилояти Мактабгача таълим бошқармаси хабарига кўра, фуқаро С.Ф. Поп тумани «Боғ» МФЙ ҳудудида ўз уйида давлат рўйхатидан ўтмаган ва лицензиясиз тарзда таълим-тарбия фаолияти билан шуғулланиб келган.
Ҳозирда ноқонуний боғча фаолияти тўхтатилган бўлиб, ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун барча тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган.







