Президент маъмурияти ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигига тавсия этилган номзодлар рўйхати асосида ҳар йили энг фаол фуқаролар “Наркотикларга қарши курашиш фидойиси” кўкрак нишони билан мукофотланади. Адлия вазирлиги хабарига кўра, нишонни бир шахс фақат бир марта олиши мумкин ва у давлат мукофотларидан сўнг, кўкракнинг чап томонига тақилади.
Янги низомга мувофиқ, номзодлар рўйхати ҳар йили 1 майга қадар тақдим этилади; тақдирлаш эса Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни, 26 июнь арафасида тантанали равишда ўтказилади. Бу ташаббус жамиятда профилактика фаолиятини рағбатлантириш, гиёҳвандликка қарши фуқаролик фаоллигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, фармон доирасида наркожиноятларга қарши жазолар кучайтирилди: трансчегаравий тарқатиш, интернет орқали сотиш ёки наркогуруҳ ташкил этиш каби оғир жиноятлар учун 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш назарда тутилмоқда. Вояга етмаганларни жалб этганларга қарши жазолар оғирлаштирилади, жамоат жойларида моддаларни истеъмол қилганлик учун эса 15 кунгача маъмурий қамоқ жорий этилиши мумкин. Рақамли технологиялар вазирлиги ва ИИВ 2026 йил 1 июлгача интернетда ноқонуний савдони аниқловчи сунъий интеллект тизимини жорий этишни режалаштирмоқда.


