Nike югуришни тезлаштирадиган “кроссовка” чиқарди
У югуриш тезлигини тахминан 15–20 фоизга оширади.

Дунёга машҳур Nike компанияси югуриш ва юришни енгиллаштиришга мўлжалланган илк “қувватланган кроссовка тизими” — Project Amplify'ни намойиш этди.
Янги моделда енгил мотор, узатма камари ва қайта зарядланадиган батарея мавжуд бўлиб, улар биргаликда ҳаракатни енгиллаштириш функциясини бажаради. Пойабзал углерод толасидан ясалган плита билан мустаҳкамланган ва тизим билан бирга ёки алоҳида ҳолда ҳам ишлатилиши мумкин.
Nike’нинг таъкидлашича, мазкур модел одатда бир мил масофани 12 дақиқада босиб ўтадиган югурувчиларга ҳаракат самарадорлигини оширишга ёрдам бериши мумкин. Илк тест натижаларига кўра, Project Amplify югуриш тезлигини тахминан 15–20 фоизга оширади.
Компания ҳозирча маҳсулотнинг аниқ нархи ва сотувга чиқиш санасини очиқламаган. Nike бу тизимни “тадқиқот ва синов босқичида” эканини қайд этиб, уни келгуси йилларда оммавий ишлаб чиқаришни режалаштирган.







