Номусга тегиш жинояти бўйича халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик Гуржистондан экстрадиция қилинди
Бу сўнгги икки ой ичида Грузиядан амалга оширилган учинчи экстрадиция ҳисобланади.

Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Грузия ҳудудида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу шахс Ўзбекистон Жиноят кодексининг 118-моддаси 2-қисми (номусга тегиш) билан айбланмоқда. Мазкур жиноят учун қонунчиликда 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган.
Қидирувда бўлган шахс Грузия ҳудудида аниқланиб, халқаро ҳамкорлик доирасида ушланган ва белгиланган тартибда Ўзбекистонга топширилган. Ҳозирда у тергов ва кейинги процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди.
Маълумотларга кўра, бу сўнгги икки ой ичида Грузия томонидан Ўзбекистон фуқароларининг учинчи бор экстрадиция қилиниши бўлиб, томонлар ўртасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик самарадорлигини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил декабрь ойида ҳам Грузия ҳукумати йирик миқдордаги фирибгарлик ва одам савдаси жиноятларида айбланиб, халқаро қидирувда бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини мамлакатга экстрадиция қилган эди.







