Ўзбекистон

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Taftish.uz иши юзасидан расмий муносабат билдирди

Taftish.uz интернет нашрининг бирорта вакили Уюшма аъзоси ҳисобланмайди, ҳамда ушбу нашр ходимларининг журналистика соҳаси бўйича мутахассислик маълумотига эгалиги ҳақида Уюшмада маълумот мавжуд эмас.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Taftish.uz иши юзасидан расмий муносабат билдирди

 

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан Taftish.uz интернет нашри ходимлари иши юзасидан муносабат билдирилмагани ҳақида турли даъволар тарқалди.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қуйидагиларни маълум қилди. Аввало, Taftish.uz интернет нашрининг бирорта вакили Уюшма аъзоси ҳисобланмайди. Шунингдек, ушбу нашр ходимларининг журналистика соҳаси бўйича мутахассислик маълумотига эгалиги ҳақида Уюшмада маълумот мавжуд эмас. Қолаверса, Taftish.uz ходимларининг журналист одоби ва касбий этика нормаларига зид хатти-ҳаракатлари бўйича эътирозлар илгари ҳам билдирилган.

 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси нафақат ўз аъзолари, балки мамлакатда фаолият юритаётган барча давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларини изчил давом эттириб келмоқда. Taftish.uz ходимлари билан боғлиқ ҳолат бўйича эса ваколатли органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда холис ва ҳуқуқий баҳо берилиши лозимлиги қайд этилди.

 

Мазкур масала фонида айрим журналистлар томонидан Уюшма фаолиятига нисбатан танқидий фикрлар ҳам билдирилди. Уюшма танқидни қабул қилган ҳолда, у асосли ва холис бўлиши зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, айрим чиқишларда далилларга асосланмаган, умумий ва субъектив фикрлар илгари сурилгани қайд этилди.

 

Хусусан, Уюшма томонидан журналистларни бирлаштириш йўлида ишлар олиб борилмаётгани ёки давлат раҳбари томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ижроси таъминланмаётгани ҳақидаги даъволар асоссиз экани билдирилди. Уюшма фаолияти Jurnalistlar.uz телеграм канали, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар, «Ҳуррият» газетаси, шунингдек, марказий ОАВ ва телерадиоканаллар орқали мунтазам ёритиб борилмоқда.

 

Маълумот учун, Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан журналистлар ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилган. Жумладан, Уюшма кубоги спорт мусобақаларида қарийб 200 нафар, Тошкент вилоятида ташкил этилган уч кунлик республика медиафорумида 100 нафардан ортиқ, Самарқандда ўтказилган минтақавий конференцияда эса тўрт вилоятдан 60 нафарга яқин журналистлар иштирок этган. Бундан ташқари, медиа-турлар, матбуот анжуманлари, устоз журналистлар ҳолидан хабар олиш ҳамда журналистикага оид китобларни тайёрлаш ва чоп этиш ишлари мунтазам амалга оширилмоқда.

 

Аъзолик масаласига тўхталар экан, Уюшма янги аъзоларни қабул қилиш амалдаги низом ва белгиланган тартиб асосида, журналистларнинг шахсий мурожаати билан амалга оширилишини билдирди. Уюшма томонидан ҳеч ким мажбуран аъзоликка қабул қилинмаслиги таъкидланди.

 

Уюшма ўз фаолиятида камчиликлар мавжудлигини инкор этмаслигини, бироқ уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар мунтазам кўрилаётганини маълум қилди.

 

Якунда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси мамлакатда фаолият юритаётган барча ОАВ вакилларини Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси ҳамда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилган ҳолда фаолият юритишга, юрт тинчлиги ва барқарорлиги йўлида жипслашишга чақирди.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Taftish.uz платформаси ходимлари товламачилик ва фирибгарликда гумонланиб, 27 нафар фуқаро 21 та ҳолат бўйича ушбу медиа платформа ходимларининг ноқонуний ҳаракатларидан жабрланганини билдиргани ҳамда шундан сўнг гумонланувчилар процессуал тартибда ушлангани ҳақида хабар берилган эди.

custom img

Ўзбекистонда яширин жангларни ташкил қилганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев уюшган жиноятчиликка қарши янги чораларни тасдиқлади.

custom img

Ўзбекистонда электр истеъмоли бир кунда 267 млн кВт соатга етиб, рекорд қайд этилди

Ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 20,9 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссасига тўғри келган.

custom img

Ёшлар – янги ғоялар манбаи: ёш журналистлар билан очиқ суҳбат

"Ёшлар куни” доирасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раҳбариятининг ёш журналистлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.

custom img

Бекободда 11-синф ўқувчисининг ўлими юзасидан 5 киши қамоққа олинди

Жабрланувчи пичоқланиш оқибатида вафот этган.

custom img

Тошкентда йўл ўпирилиб тушди

Воқеа жойига бош вазир ўринбосари О. Раматов ва пойтахт ҳокими етиб келди, дея хабар бермоқда Zamon.uz мухбири.

custom img

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилади

Электр, газ ва иссиқлик тармоқларига ноқонуний уланиш учун жарималар оширилади, айрим ҳолатларда маъмурий қамоқ жазоси ҳам қўлланилади.

custom img

Тошкент ва Андижонда наркотик модда ҳамда кучли таъсир қилувчи дорилар тарқалишининг олди олинди

Қарийб 5 кг синтетик наркотик ва 10 минг донага яқин кучли таъсир қилувчи дори воситаси тўхтатиб қолинди.

custom img

Тошкент вилоятида наркотик моддаларни сотишга уринган шахслар ҳибсга олинди

Операциялар натижасида 1 кг “гашиш” ва 1883 дона кучли таъсир қилувчи препарат мусодара қилинди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"