Ўзбекистон халқаро меҳнат миграциясига чиқaётган фуқароларни ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида янги ихтиёрий суғурта механизмини жорий этишни таклиф қилмоқда. Ҳужжат лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Миграция агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ташаббус хорижда ишлашга кетаётган шахслар учун ҳаёт ва соғлиқни суғурталаш билан бир қаторда, бир қатор қўшимча хавф-ҳолларда ҳам молиявий кафолатлар яратишни назарда тутади. Жумладан, қуйидаги вазиятларда суғурта қоплами тақдим этилиши кўзда тутилган:
патент ёки меҳнат лицензиясининг рад этилиши;
меҳнат фаолияти туфайли юзага келган кредитларни қайтариш имконияти йўқолиши;
бошқа меҳнат миграцияси билан боғлиқ молиявий хавфлар.
Тиббий суғурта полисларини Ўзбекистонда ёки борилаётган давлатнинг тиббий хизмат кўрсатувчи ташкилотлари орқали расмийлаштириш мумкин бўлади. Компенсация тўловлари суғурта мукофоти тўланган валютда амалга оширилади.
Ҳаётни узоқ муддатли суғурталашда суғурта тўлови суғурталанган шахс вафот этган тақдирда ёки унга I ёки II гуруҳ ногиронлик белгиланганида тўлиқ ҳажмда берилади. Шунингдек, тўпланган маблағ ва инвестицион даромадлар белгиланган ёшга етгандан сўнг қайтарилиши кўзда тутилган.
Мазкур механизмнинг жорий этилиши меҳнат мигрантларининг молиявий ва тиббий хавфларини камайтириши, зарурат туғилганда тезкор тиббий ёрдам олиш имкониятини кенгайтириши кутилмоқда.


