Ўзбекистон Олий суди Гулнора Каримованинг озодликка чиққани ҳақида расмий изоҳ берди
Гулнора Каримова ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга зид.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова жазони ўташдан озод этилгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Telegram каналларида ушбу даъволар бир нечта «тасдиқланган» манбаларга асосланиб билдирилган.
Бироқ Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов берган баёнотида бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил март ойида Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова жиноий гуруҳ ташкил этиш, фирибгарлик, ўзлаштириш, жиноят йўли билан топилган даромадларни легаллаштириш каби бир қатор моддалар бўйича айбдор деб топилган ва 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Белгиланган жазони ўташ муддати 2015 йил 21 августдан ҳисобланган.







