Ўзбекистон ва Палау Республикаси расмий равишда дипломатик муносабатлар ўрнатди. Бу ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, қўшма баёнот Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳамда Палау Давлат вазири Густав Айтаро томонидан имзоланган.
Бахтиёр Саидов мазкур қадамни тарихий аҳамиятга эга ҳужжат сифатида баҳолаб, у нафақат икки давлатнинг эзгу ниятларини ифода этишини, балки келгусидаги ҳамкорлик ва шерикликка йўл очишини таъкидлаган. Шунингдек, вазир Ўзбекистон ва Палау ўртасида янги имкониятлар ҳамда узоқ муддатли, мустаҳкам алоқалар ўрнатилишини кутаётганини билдирган.
Маълумот учун: Палау — Тинч океанида, Филиппиндан 800 км шарқда ва Индонезиядан шимолда жойлашган орол давлати. Мамлакат пойтахти — Нгерулмуд. Палау Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 165-давлат бўлди.


