Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январь–ноябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 72 млрд 894,8 млн АҚШ долларини ташкил этди. Мазкур кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 13 млрд 18,4 млн долларга ёки 21,8 фоизга ошган.
Ташқи савдо айланмасида импорт ҳажми экспортдан устун бўлди. Хусусан, ҳисобот даврида экспорт ҳажми 30 млрд 894,8 млн долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 26,2 фоизга ўсди. Импорт ҳажми эса 41 млрд 885,4 млн долларга етиб, 18,7 фоизлик ўсиш қайд этилди. Экспорт ва импорт ўртасидаги тафовут 10 млрд 990,6 млн долларни ташкил этди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон дунёнинг 210 та давлати билан ташқи савдо алоқаларини олиб бормоқда. Ташқи савдо айланмасида энг юқори улуш Хитой (20,1 фоиз), Россия Федерацияси (16,2 фоиз), Қозоғистон (6,0 фоиз), Туркия (3,7 фоиз) ва Корея Республикасига (2,2 фоиз) тўғри келган.
Давлатлар кесимида ташқи савдо айланмаси қуйидагича шаклланди: Хитой билан савдо ҳажми 14,6 млрд долларни, Россия Федерацияси билан 11,7 млрд долларни, Қозоғистон билан 4,3 млрд долларни, Туркия билан 2,6 млрд долларни, Корея Республикаси билан 1,5 млрд долларни ташкил этди.
Шунингдек, Афғонистон билан савдо ҳажми 1,4 млрд доллар, Франция ва Ҳиндистон билан 1,2 млрд доллардан, Германия ва БАА билан 1,1 млрд доллардан қайд этилди. Туркманистон билан савдо айланмаси 1,06 млрд доллар, Қирғиз Республикаси билан 903,7 млн доллар, АҚШ билан 871,9 млн доллар, Беларус билан 868,1 млн доллар, Тожикистон билан 737,9 млн долларни ташкил этди. Швейцария (520,9 млн доллар), Эрон (519,2 млн доллар) ва Покистон (434,4 млн доллар) ҳам асосий савдо ҳамкорлари қаторидан ўрин олди.


