Ўзбекистонда 2025 йил давомида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 2 188 нафар фуқаро ҳалок бўлди, 8 901 киши эса турли даражадаги тан жароҳатлари олди.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси матбуот хизматининг маълумотига кўра, ўтган йил давомида республика ҳудудида жами 9 226 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Таққослаш учун, 2024 йилда бу кўрсаткич 9 364 тани ташкил этган.
Қайд этилишича, 2025 йилда ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2024 йилга нисбатан 11 нафарга камайган. Ўша йили республика йўлларида 2 199 киши ҳаётдан кўз юмган эди. Шунингдек, жароҳатланганлар сони ҳам камайиб, 2024 йилдаги 8 931 кишидан 8 901 кишига тушган.
Таҳлиллар сўнгги беш йил (2021–2025) давомида йўл-транспорт ҳодисалари сони изчил камайиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу ҳолат аҳоли ва транспорт воситалари сони сезиларли даражада ошганига қарамай кузатилмоқда. Хусусан, аҳоли сони 2021 йилдаги 35,2 миллиондан 2025 йилда 38,2 миллионга, транспорт воситалари сони эса 3,8 миллиондан 5,5 миллиондан ошган.
Шу билан бирга, ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар сони ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 6,9 нафардан 5,7 нафаргача, ҳар 10 минг транспорт воситасига нисбатан эса 6,3 нафардан 4 нафаргача камайган.
Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони 2024 йилга нисбатан 171 тага ёки 9,6 фоизга камайган. Болалар ўлими ҳолатлари эса 36 тага, яъни 12,8 фоизга қисқарган.


