Ўзбекистонда давлат органларининг ортиқча хизмат автомобиллари сотувга чиқарилади
Хизмат автотранспорт воситалари хатловдан ўтказилиб, белгиланган меъёрдан ортиғи “E-аукцион” орқали реализация қилинади.

Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органларига тегишли хизмат автомобиллари тўлиқ хатловдан ўтказилади ва ортиқчалари сотувга чиқарилади. Бу президентнинг 27 декабрдан кучга кирган “Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланди.
Фармонга кўра, Ҳисоб палатаси ва Давлат молиявий назорат инспекцияси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда уч ой муддатда барча давлат органларидаги хизмат автомобилларини хатловдан ўтказади. Натижаларга асосан, белгиланган лимитдан ортиқ бўлган транспорт воситалари амалдаги тартибда сотилади ва бажарилган ишлар ҳақида 2026 йил 1 июнга қадар Президент администрациясига ахборот тақдим этилади.
Шунингдек, давлат буюртмачилари томонидан автомобиль харидлари устидан доимий назорат ўрнатилади. Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев давлат харидларида нархлар бозор қийматидан 20 фоиздан ошмаслиги лозимлигини таъкидлаб, хизмат транспортидан фойдаланишни қисқартириш ва маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобилларга ўтиш зарурлигини билдирган эди. Шу асосда, хорижий хизмат машиналаридан босқичма-босқич воз кечилиб, мавжуд автомобиллар “E-аукцион” электрон савдо платформаси орқали сотувга чиқарилмоқда.







