2026 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда зўравонлик оқибатида оиласидан ажратилган ҳамда ижтимоий жиҳатдан хавфли шароитда қолган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади. Бу Президентнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш стратегиясида белгиланган.
Мазкур тизим доирасида тутинган оила бўлишни истаган номзодлар болалардаги руҳий жароҳатларни камайтириш ва хулқ-атвор муаммоларини бартараф этишга қаратилган махсус ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида тайёрланади. Болалар «Инсон» марказлари орқали шартнома асосида ушбу оилаларга жойлаштирилади.
Профессионал тутинган оилаларга ҳар бир бола учун ойига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки баравари миқдорида маблағ тўланади. Шунингдек, болаларнинг яшаш харажатлари давлат томонидан қопланади.
Бундан ташқари, 2026 йилдан зўравонликдан жабрланган болаларга бепул юридик ёрдам кўрсатилади, уларнинг дастлабки кўрсатмалари мажбурий видеоқайд этилади ҳамда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бермаган мутахассислар учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади.
Алишер НАМОЗОВ,
Сирдарё вилояти Фуқаролик ишлари бўйича
Оқолтин туманлараро судининг раиси


