Ўзбекистон аҳолисининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматларга қилган харажатлари ортишда давом этмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йилнинг январь–октябрь ойларида ушбу йўналишдаги бозор хизматлари ҳажми 16,5 триллион сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,4 фоизга кўпдир ва умумий бозор хизматларининг 2 фоизини ташкил қилади.
Ҳудудлар кесимида энг катта улуш анъанавий равишда пойтахт ҳиссасига тўғри келади. Тошкент шаҳрида 7,7 трлн сўм, Тошкент вилоятида эса 1,6 трлн сўм хизмат кўрсатилган. Самарқанд ва Фарғона вилоятларида мос равишда 1,2 трлн ва 1,1 трлн сўмлик хизматлар кўрсатилган, ҳудудлар кесимида эса Наманган, Андижон ва Бухоро вилоятлари ҳам сезиларли улушга эга.
Қолган ҳудудларда соғлиқни сақлаш хизматлари ҳажми қуйидагича тақсимланган: Қашқадарё вилояти – 612,8 млрд сўм, Хоразм – 557,8 млрд сўм, Сурхондарё – 416,8 млрд сўм, Жиззах – 398,8 млрд сўм, Сирдарё – 293,1 млрд сўм, Қорақалпоғистон Республикаси – 285,6 млрд сўм, Навоий вилояти – 269 млрд сўм. Статистик қўмита соғлиқни сақлаш хизматлари ҳудудлар бўйича доимий ўсиш тенденциясини қайд этди.


