Ўзбекистондаги барча масжидларда ёмғир сўраш намози ўқилади
Шунингдек, Макка ва Мадинадаги элликбоши имом-домлаларга ҳам шу намозни ўқиш тавсия этилган.

Жорий йилда куз фасли ёмғирсиз ўтаётгани, келгуси кунларда ҳам ёғингарчилик кутилмаётгани сабабли Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуси билан 2025 йил 28 ноябрь куни жума намозидан кейин барча масжидларда ёмғир сўраб, жамоат билан икки ракат истисқо намози ўқилади.
Шунингдек, вилоятлар, туман-шаҳарлар марказий масжидлари ва зиёратгоҳларда жонлиқлар сўйилиб, ёрдамга муҳтож оилалар, етим-есирлар, бева-бечоралар, мискинлар, боқувчисини йўқотган кексаларга тарқатилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари устоз ва талабалари томонидан Имом Бухорий “Саҳиҳи Бухорий” асари шу йил 28 ноябрь куни жума намозига қадар хатми кутуб қилинади.
Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада умра зиёратида бўлиб турган элликбоши имом-домлалар Ҳарами шарифларда ўз гуруҳлари иштирокида истисқо намозини ўқишлари тавсия этилган.







