Ўзбекистонда темирйўл инфратузилмаси объектларининг номлари давлат тили меъёрларига мослаштирилади.
Ҳукуматнинг 17 октябр куни қабул қилинган қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги барча вокзаллар, станциялар ва разъездларнинг номлари ўзбек тилининг имло қоидалари ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун талаблари асосида ягона лотин ёзувида баён этилади.
Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясига уч ой муддатда барча темирйўл объектларидаги пешлавҳалар, ахборот кўрсаткичлари ва электрон ёзувларни давлат тили меъёрларига мос шаклда янгилаш топширилди.
Мазкур жараён доирасида расмий ҳужжатлар, маълумотлар базалари ва тегишли тизимларга зарур ўзгартишлар киритилади.
Қарорга илова қилинган рўйхатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган жами 320 та вокзал, станция ва разъезд номларини мослаштириш назарда тутилган.
Қарорнинг ижросини таъминлаш масъулияти Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва транспорт вазири Илҳом Маҳкамов зиммасига юклатилди.


