1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири Рустам Ахмедов 82 ёшида вафот этди

У 1992–1997 йилларда Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири бўлган.

Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири Рустам Ахмедов 82 ёшида вафот этди

82 ёшида фидоий ҳарбий, Ўзбекистон Республикасининг биринчи мудофаа вазири генерал-полковник Рустам Урманович Ахмедов вафот этди.

 

Рустам Урманович ўзининг 40 йилдан ортиқ умрини Қуролли Кучларга бағишлаб, мустақил Ўзбекистон миллий армиясининг шаклланиши ва мустаҳкамланишида беқиёс хизмат кўрсатган. У мамлакат хавфсизлиги ва халқ осойишталигини таъминлаш йўлида фидойилик, матонат ва юксак масъулият билан хизмат қилган.

 

1943 йил 10 ноябрда Фарғона вилоятининг Боғдод туманида туғилган Рустам Урманович 1965 йилда Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртини, 1985 йилда эса Зирҳли танк қўшинлари ҳарбий академиясини тамомлаган.

 

У ҳарбий фаолиятининг турли босқичларида масъул лавозимларда хизмат ўтаб, 1992–1997 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа вазири лавозимида фаолият юритди. Мустақил Ўзбекистон тарихида ушбу лавозимни биринчи бўлиб эгаллаган генерал-полковник Ахмедов миллий армиянинг асосий тузилмасини шакллантиришда муҳим рол ўйнади.

 

Шунингдек, у 1997–1998 йилларда Фавқулодда вазиятлар вазири, 2018–2020 йилларда эса Мудофаа вазирининг маслаҳатчиси лавозимларида ҳам самарали фаолият олиб борди.

 

Кўп йиллик хизматлари учун Рустам Урманович Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи, II даражали “Шон-шараф” ордени ва “Дўстлик” ордени каби давлат мукофотлари билан тақдирланган.

 

Генерал-полковник Ахмедовнинг фидойилиги, профессионаллиги, Ватанга садоқати ва инсоний фазилатлари ҳарбийлар ҳамда ёш авлод учун ибратдир. Унинг хотираси халқимиз қалбида абадий сақланади.

 

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Рустам Урмановичнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдиради.

 

Видолашув маросими 13 октябрь куни соат 11:30 да Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Орол 3-тор кўчаси, 13-уйда бўлиб ўтади.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика